Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Тошкентда IMTECH 2026 халқаро форуми ўтказилади

Дилафруз Ниязова · 07.09.2026 · 12:00 · 62 views
Тошкентда IMTECH 2026 халқаро форуми ўтказилади
Тошкентда IMTECH 2026 халқаро форуми ўтказилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Инновацион материаллар ва технологиялар» халқаро форуми — IMTECH 2026 2026 йил 9–11 декабрь кунлари Тошкентдаги CAEx (Central Asian Expo Uzbekistan) Халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтади.

Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистоннинг SAYS кўргазма компанияси ва Россиянинг «Мир-Экспо» кўргазма компанияси ҳисобланади. Бу ҳақда SAYS кўргазма компанияси хабар берди.

Форум таркибига тўртта ихтисослаштирилган кўргазма экспозицияси киради. ChemTech саноат кимёсига, CompositeTech композит ва муҳандислик материалларига, AdhesiveTech елим технологиялари ва герметик материалларга, GlassTech эса шиша технологиялари ва архитектура шишасига бағишланади.

IMTECH турли мамлакатлардан ишлаб чиқарувчилар, ускуналар етказиб берувчилар, технология ишлаб чиқувчилар, илмий ташкилотлар, инвесторлар ва саноат корхоналарини бирлаштирувчи халқаро тармоқ платформаси сифатида ташкил этилмоқда. Форум халқаро саноат кооперациясини ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва замонавий технологик ечимларни жорий этишга қаратилган.

Форумнинг ишбилармонлик дастуридан соҳавий конференциялар, панель муҳокамалари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари, B2B музокаралар ҳамда бизнес, давлат тузилмалари, соҳавий ассоциациялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасидаги учрашувлар ўрин олган.

Ташкилотчилар IMTECH 2026ни замонавий материаллар, кимёвий технологиялар, композит материаллар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш йўналишларини бирлаштирувчи Марказий Осиёдаги энг йирик ихтисослаштирилган майдон сифатида тақдим этмоқда.

Форумда кимё, қурилиш ва ишлаб чиқариш тармоқларидан хомашё, ускуналар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари, соҳавий ассоциациялар, илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда инжиниринг компаниялари иштирок этиши кутилмоқда.