Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Сўхда 15 МВт қувватли ГЭС қурилиши давом этмоқда

Дилафруз Ниязова · 25.08.2026 · 17:52 · 364 views
Сўхда 15 МВт қувватли ГЭС қурилиши давом этмоқда
Сўхда 15 МВт қувватли ГЭС қурилиши давом этмоқда / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Сўх туманида қуввати 15 МВт бўлган гидроэлектростанция қурилиши давом этмоқда. Лойиҳанинг қиймати $41 млнни ташкил этади. Объект ишга туширилганидан сўнг станция туманнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 70%ини қоплаши мумкин. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Қурилиш жараёнини Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров кўздан кечирди. Айни пайтда объектда гидроэлектростанция канали ички ва ён қисмларини текислаш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича асосий ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, бетонлаш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Қурилиш ишларига турли русумдаги 80 та махсус техника жалб қилинган.

Объектда ишсиз фуқароларни, жумладан, меҳнат миграциясидан қайтиб келган ёшларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ташриф давомида Бозоров масъулларнинг лойиҳани амалга ошириш жараёни, айни пайтда бажарилаётган қурилиш ишлари ва белгиланган вазифалар ижроси бўйича ҳисоботларини тинглади.

Танишув якунида вилоят раҳбари масъулларга бажарилаётган ишлар сифатини таъминлаш ва қурилишни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича топшириқ берди.