Тошкентда биринчи Barceló меҳмонхонаси лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Марказий Осиёда халқаро меҳмонхоналар тармоғи Barceló Hotel Group’нинг биринчи меҳмонхонасини очиш имконияти муҳокама қилинди. Лойиҳа бўйича учрашув пойтахт ҳокимлиги, «Тошкент Инвест Компани» АЖ ва Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Азизхон Шовкатов ва тегишли ташкилотлар вакиллари лойиҳани амалга ошириш истиқболлари ҳамда Barceló Hotel Group’нинг Ўзбекистон пойтахтидаги эҳтимолий фаолиятини кўриб чиқди.
Учрашув давомида томонлар бўлажак лойиҳа концепцияси, инвестиция имкониятлари ва ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилди.
Тошкентда Barceló Hotel Group’нинг Марказий Осиёдаги биринчи объектини жойлаштириш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Barceló Hotel Group Испаниянинг етакчи меҳмонхона тармоқларидан бири ҳисобланади. Компания 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва дунё бўйлаб юзлаб меҳмонхоналарни бошқаради.
Учрашув якунлари бўйича томонлар эҳтимолий лойиҳанинг параметрлари ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишни давом эттирди.
Таъкидланганидек, лойиҳанинг амалга оширилиши Тошкентда меҳмонхона хизматлари таклифини кенгайтириши, шаҳарнинг халқаро туристик салоҳиятини ривожлантиришга ва туризм соҳасига янги инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилиши мумкин.