Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида банклардан бирининг ҳудудий маркази маҳаллалар ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғи ер участкалари учун ноқонуний пул маблағлари олганликда гумон қилиниб, қўлга олинди.
Тезкор тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш доирасида ўтказилди.
Департамент маълумотларига кўра, банк ходими Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлиги балансида бўлган 16,05 гектарлик ер участкасини сотиш учун харидордан 4,25 млн доллар талаб қилган.
Мазкур ер участкаси 2024 йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн-аукцион орқали чорвачилик мақсадларида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида унинг отасига сотилган.
Бундан ташқари, гумонланувчи ҳокимлик захирасида бўлган яна 4 гектар ерни ўзига таниш мансабдор шахслар орқали расмийлаштириб бериш эвазига ҳам пул маблағлари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида банк ходими талаб қилинган маблағнинг аванси сифатида 100 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.