Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Жазоир Халқ Демократик Республикаси тоғ-кон саноати вазири Мурод Ҳанифий билан учрашув ўтказди.
Томонлар икки давлат ўртасида тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги муносабатлар турли йўналишларда изчил кенгайиб бормоқда. Ушбу учрашув жорий йил июнь ойида унинг Жазоирга ташрифи давомида бўлиб ўтган мулоқотнинг давоми бўлгани қайд этилди.
Музокараларда асосий эътибор минерал ресурсларни геологик ўрганиш ва истиқболли конларни ўзлаштириш соҳасидаги ҳамкорликка қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кўриб чиқди.