7
Ўзбекистон

Тошкентда учта туманга янги ҳокимлар тайинланди

Тошкентда учта туманга янги ҳокимлар тайинланди
Тошкентда учта туманга янги ҳокимлар тайинланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида учта туманнинг янги ҳокимлари тасдиқланди. Абдулазиз Абдулхаков Яшнобод туманига, Лазизбек Темиров Янгиҳаёт туманига, Ҳаёт Иногамов эса Чилонзор туманига ҳоким этиб тайинланди.

Абдулазиз Ахатович Абдулхаков 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у ҳокимлик тизимида қурилиш, архитектура ва коммунал хўжалик соҳаларига оид турли лавозимларда ишлаган.

2025 йилдан буён Тошкент шаҳридаги «UET Construction» МЧЖнинг ижтимоий объектлар қурилиши департаменти директори лавозимида ишлаб келган.

Лазизбек Пўлатович Темиров 1989 йилда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида туғилган. 2012 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2021 йилда эса ушбу олий таълим муассасаси магистратурасини тамомлаган.

Темиров иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида масъул лавозимларда ишлаган. 2024 йилдан буён Яшнобод тумани ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Ҳаёт Илёсович Иногамов 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институтини, 2008 йилда эса шу институт магистратурасини тамомлаган.

Турли йилларда транспорт ва йўл инфратузилмаси соҳасида, шунингдек, давлат бошқаруви тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2020 йилдан буён Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманига раҳбарлик қилиб келган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.