Спорт

«Башакшехир» «Самсунспор»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди

«Башакшехир» «Самсунспор»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди
«Башакшехир» «Самсунспор»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди / Фото: "Истанбул Башакшехир".

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Истанбул Башакшехир» Туркия футбол чемпионати — Trendyol Süper Lig 10-турида ўз майдонида «Самсунспор»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Мезбонлар сафида Ўзбекистон вакиллари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев гол киритди. Бу ҳақда «Истанбул Башакшехир» матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Истанбул шаҳридаги «Башакшехир Фотиҳ Терим» стадионида бўлиб ўтди. Элдор Шомуродов 10-дақиқада Бранимир Брничнинг узатмасидан кейин ҳисобни очди.

Меҳмонлар 22-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Баё «Башакшехир» дарвозабони Муҳаммад Шенгезернинг хатосидан фойдаланиб, тўпни Кулибалининг олдига узатди. У эса тўпни дарвозага йўллади.

Бироқ орадан тўрт дақиқа ўтиб, мезбонлар яна олдинга чиқиб олди. Даниялик Андреас Скова Олсеннинг зарбасидан кейин тўп Томассондан қайтиб, «Самсунспор» дарвозасидан жой олди.

41-дақиқада Эмин Байрам бурчак тўпидан узатилган тўпни муваффақиятли якунлаб, «Башакшехир»нинг устунлигини икки голга етказди. Жамоалар биринчи бўлимни 3:1 ҳисобида якунлади.

Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар ҳужумларни давом эттирди. 75-дақиқада Ба бурчак тўпи ўйналганидан кейин жамоасининг тўртинчи голини киритди. «Самсунспор» 84-дақиқада жавоб қайтарди: Элайис Тавшан фарқни икки голга қисқартирди.

Учрашувдаги якуний ҳисобни Аббосбек Файзуллаев белгилади. У қўшиб берилган биринчи дақиқада, яъни 90+1-дақиқада гол уриб, «Башакшехир»нинг 5:2 ҳисобидаги ғалабасини мустаҳкамлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.