Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Покистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исҳоқ Дар билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбат давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги ҳамкорлик алоҳида муҳокама мавзуси бўлди. Суҳбатдошлар Ўзбекистон ва Покистоннинг 2026–2027 йилларда ташкилотнинг тегишли органларига раислик қилиши, шунингдек, бўлажак тадбирлар кун тартиби юзасидан фикр алмашди.
Бахтиёр Саидов ва Муҳаммад Исҳоқ Дар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашди. Суҳбат давомида минтақавий вазиятга оид масалалар ҳам кўтарилди.
Мулоқот якунида томонлар сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлаш асосида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.