Ўзбекистон

Самарқанд вилояти ва Греция ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди

Самарқанд вилояти ва Греция ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди
Самарқанд вилояти ва Греция ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Ўзбекистондаги Грециянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Параскеви Цевелеки билан учрашув ўтказди. Томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ташриф алоҳида аҳамиятга эга, чунки Параскеви Цевелеки Грециянинг Ўзбекистондаги биринчи дипломатик вакили бўлди. Унинг тайинланиши давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар очади.

Музокаралар давомида томонлар иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва илм-фан, ахборот технологиялари, туризм, транспорт ҳамда қурилиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқди.

Элчининг таъкидлашича, Самарқанд ва Грецияни кўп асрлик тарих, шунингдек, иқлим ва географик шароитлардаги муайян ўхшашликлар боғлаб туради. Унинг фикрича, бу тажриба алмашиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун замин яратади.

Параскеви Цевелеки олий таълим муассасаларида учрашувлар ўтказиш ва маҳаллий жамоатчилик билан мулоқот қилиш режалари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Бундан ташқари, у грек тадбиркорларини қўшма лойиҳаларга жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Адиз Бобоев Самарқанд вилояти Греция ҳудудлари билан шерикликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. У вилоят ҳокимлиги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.