Ўзбекистон

Ўзбекистонда янги Экология кодекси лойиҳаси такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистонда янги Экология кодекси лойиҳаси такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистонда янги Экология кодекси лойиҳаси такомиллаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда амалдаги табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни ягона ҳуқуқий тизимга бирлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун шароит яратишни назарда тутувчи янги Экология кодекси лойиҳаси устида иш давом этмоқда.

Ҳужжат муҳокамаси Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ташкил этилган семинарда бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси хабар берди.

Тадбирда Экология қўмитаси раисининг ўринбосари Искандар Қутбиддинов, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Глобал яшил ўсиш институти, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Семинарда сўзга чиққан Қутбиддинов Кодексни тайёрлашда халқаро тажриба ва экспертлар тавсияларини инобатга олиш зарурлигини таъкидлади. Фудзии эса иқтисодий тараққиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди.

Лойиҳада амалдаги экологик қонунчиликни тизимлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш назарда тутилган. Ҳужжат, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро экологик мажбуриятларини бажариши ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши керак.

Семинар иштирокчилари биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий экотизимларга салбий таъсирни камайтириш, экологик зарарни қоплаш ва табиий ҳудудларни тиклаш бўйича халқаро амалиётларни кўриб чиқди.

Халқаро ташкилотлар вакиллари ҳужжатни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини тақдим этди.

Хабарда таъкидланишича, БМТТД томонидан аввал таклиф этилган тавсияларнинг деярли барчаси Кодекс лойиҳасида аллақачон инобатга олинган. Кейинги босқичда ҳужжат семинар иштирокчилари билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида қайта ишланади.

Янги Экология кодексининг қабул қилиниши Ўзбекистонда экологик бошқарув тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, табиий бойликларни асрашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш имконини бериши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.