Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Хитойнинг China State Construction Engineering Corporation International (CSCEC International) компанияси кузатув кенгаши раиси Гао Бо бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди.
Томонлар қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида Шерзод Ҳидоятов қурилиш ва шаҳарсозлик соҳаларини модернизация қилиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда халқаро тажрибани жорий этиш устувор йўналишлар қаторига киришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари ва икки томон учун ҳам манфаатли бўлган лойиҳалар юзасидан фикр алмашди. CSCEC International раҳбари компания Ўзбекистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда аллақачон иштирок этаётганини маълум қилди. Шунингдек, замонавий технологиялар ва илғор ёндашувларни қўллаган ҳолда янги ташаббусларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Хитойнинг архитектура ва муҳандислик соҳаларидаги тажрибасини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва қурилиш соҳаси ходимларининг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва кадрларни касбий тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
China State Construction Engineering Corporation International халқаро фаолиятга ихтисослашган бўлиб, Хитойнинг давлат қурилиш корпорацияси — China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) таркибига киради.