Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан келган ёш сиёсатчилар ҳамда экспертлар билан учрашди. Учрашув «Ёш етакчилар: Марказий Осиё + Озарбайжон» минтақавий дастури доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Таълим олиш, касбий кўникмаларни эгаллаш, ишга жойлашиш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларнинг маҳаллий даражадаги муаммоларини ҳал этиш механизмларидан бири сифатида маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчиларининг иши тақдим этилди. Улар ташаббусларни илгари суриш ва амалий ёрдам кўрсатишга кўмаклашади.
Иштирокчиларга Қонунчилик палатаси фаолияти ва ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш имкониятлари ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ёшлар ташаббусларини илгари суриш, уларни қонун ижодкорлиги фаолиятига жалб қилиш ва келажакдаги сиёсий етакчиларни тайёрлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Меҳмонлар қабул ва очиқ мулоқот учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. Улар минтақа мамлакатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув савол-жавоб шаклида давом этди. Иштирокчилар парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари, ёш етакчилар ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Тожикистон Президенти ҳузуридаги Миллий тараққиёт кенгаши котибиятининг миллий маслаҳатчиси Хайринисо Расулова Ўзбекистондаги ислоҳотларга қизиқиш катта эканини қайд этди. У стратегик фикрлай оладиган ва замонавий муаммоларни ҳисобга оладиган ёшларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай учрашувлар доимий мулоқот майдонига айланиб, минтақа ривожига ҳисса қўшиши мумкин.
Қозоғистон Халқ кенгаши котибиятининг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик сектори раҳбари Динара Садвакасова ҳам иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлашга доир ёндашувлари билан танишиш қизиқарли бўлганини билдирди. У «Ёш етакчилар» дастури ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Дастур иштирокчилари ҳам учрашувдан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.