7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди
Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигида 2026 йил 17–18 октябрь кунлари Бағдод шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Йиғилиш иштирокчилари тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, низоларни ҳал этиш, терроризмга қарши курашиш ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни кўриб чиқдилар.

Баҳромжон Аълоев ўз нутқида Ислом оламида мулоқот ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у низоларни фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар, мулоқот ва музокаралар орқали ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.

Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Фаластин масаласи бўйича принципиал позициясини етказди. Шунингдек, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш ва уни минтақавий жараёнларга интеграция қилиш муҳимлигини қайд этди.

Маърифатли ислом ғояларини илгари суриш, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда Марказий Осиё тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Томонлар сиёсий мулоқотни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.