Toşkent, Özbekiston (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар солиқ хизматлари раҳбарлари мувофиқлаштирувчи кенгашига раислик қилувчи томон этиб сайланди. Бу қарор 23 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган кенгашнинг ХХХИИИ йиғилишида қабул қилинди.
Учрашув иштирокчилари солиқ тизимларида сунъий интеллектдан фойдаланиш, солиқ хатарларини бошқаришни такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси солиқ тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тажрибасини тақдим этди. Жумладан, солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштириш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, эҳтимолий қоидабузарликларни аниқлаш ва солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган ечимлар намойиш этилди.
Ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томони «МДҲ солиқ хизматларининг технологик ҳамкорлиги» ташаббусини илгари сурди. У рақамли ечимлар алмашинуви, қўшма илмий-амалий тадбирлар ўтказиш, мутахассисларни ўқитиш ва стажировкалар ташкил этиш, шунингдек, сунъий интеллектни қўллаш бўйича намунавий қоидаларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
Бундан ташқари, Мувофиқлаштирувчи кенгаш доирасида сунъий интеллект масалалари бўйича ихтисослашган ишчи гуруҳ тузиш таклиф этилди.
Солиқ хатарларини бошқариш масаласи муҳокама қилинганда, Ўзбекистон вакиллари эҳтимолий қоидабузарликларни ўз вақтида аниқлаш, бюджет йўқотишларининг олдини олиш ва қонунга риоя қилувчи солиқ тўловчиларнинг маъмурий юкини камайтириш учун таҳлилий воситалардан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги, ХХХИВ йиғилиши 2027 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.