Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси яйлов ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг янги механизмларини назарда тутувчи «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатда яйловларнинг умумий майдони 21,2 млн гектарни ташкил этади. Шундан 16,3 млн гектари Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий яйлов хўжаликлари тасарруфида, 3 млн гектари ўрмон фонди таркибида, 1 млн гектардан ортиқ қисми эса табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган.
Яна 890 минг гектар ер фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.
Қонун лойиҳаси яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг деградациясини камайтириш учун рақамли механизмларни жорий этиш, шунингдек, бундай ерлардан иқтисодий актив сифатида фойдаланиш ҳамда жамоат яйловларини ташкил этиш учун ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган.
Ҳужжатда яйлов ҳудудларида амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турларини кенгайтириш назарда тутилган. Чорвачиликдан ташқари, экотуризм, асаларичилик ва доривор ўсимликлар етиштиришга ҳам рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Алоҳида норма билан жамоат яйловлари институти жорий этилмоқда. Ушбу институт бундай ерлардан маҳаллий аҳоли томонидан фойдаланишни тартибга солиш ва чорва молларини ўтлатиш учун шароит яратишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида фойдаланилмаётган яйловларни электрон аукционлар, инвестиция битимлари ва давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали иқтисодий муомалага киритиш назарда тутилган.
Маҳаллий аҳоли ва бизнес вакиллари учун яйловлардан фойдаланишга бериш тартибини ижара шартномалари ва билет механизми асосида соддалаштириш таклиф этилмоқда.