Ўзбекистон

Наманган аэропортида 108,5 млн сўмлик олтин аниқланди

Наманган аэропортида 108,5 млн сўмлик олтин аниқланди
Наманган аэропортида 108,5 млн сўмлик олтин аниқланди / Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган аэропортида Ҳиндистонга йўл олаётган йўловчининг багажидан тўртта қўлбола олтин қуйма ва заргарлик буюмлари аниқланди. Уларнинг қиймати 108,54 миллион сўмга баҳоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон божхона хизмати хабар берди.

Ҳолат «Наманган аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати авиация хавфсизлиги вакиллари ҳамда чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда аниқланган.

Йўловчи Наманган — Деҳли йўналиши бўйича парвоз қилишни режалаштирган. Багажни текшириш вақтида ходимларнинг эътиборини майиз ва ёнғоқ аралашмаси солинган пакет тортган. Синчковлик билан ўтказилган қўшимча текширув давомида пакет ичидан тўртта қўлбола олтин қуйма ва заргарлик буюмлари топилган.

Аниқланган буюмларнинг умумий оғирлиги 90,45 граммни ташкил этган. Уларнинг қиймати 108 миллион 540 минг сўмга баҳоланган.

Ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Божхона хизмати қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан яширган ҳолда ёки белгиланган тартибни бузиб олиб ўтиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.