Ўзбекистон

Ўзбекистонда улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди

Ўзбекистонда улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди
Ўзбекистонда улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди / Фото: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улушли иштирок асосида қуриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенат кўриб чиқиши учун юборилди.

Қонун лойиҳаси улушли қурилиш иштирокчилари ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатларини белгилайди. Ҳужжатнинг асосий вазифаларидан бири уй-жой қурилишига маблағ киритаётган фуқароларнинг пул маблағларини ҳимоя қилишдан иборат.

Унда назарда тутилган механизмларга мувофиқ, улушдорларнинг маблағлари қурилиш компаниялари тасарруфига бевосита ўтказилмайди, балки банклардаги эскроу ҳисобварақларига жойлаштирилади. Пул маблағларини қурилиш компаниясига ўтказиш қурилиш белгиланган талабларга мувофиқ якунланиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан эскроу ҳисобварақлари тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

2025 йил 1 июлдан бошлаб улушдорларнинг маблағларини бундай ҳисобварақлар орқали жалб қилиш томонларнинг танловига кўра ихтиёрий тартибда амалга оширилмоқда. 2026 йил 1 январдан эса фақат эскроу ҳисобварақларидан фойдаланишга ўтиш белгиланган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, қурилиш ташкилоти фуқароларнинг маблағларини фақат белгиланган талабларга риоя қилган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош келишувни тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина жалб қилиши мумкин бўлади.

Улушли иштирок шартномалари, шунингдек, уларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар нотариал тартибда тасдиқланиши ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлади. Бу чора бир объектнинг қайта сотилиши ва қонунга хилоф шартномалар тузилишининг олдини олишга қаратилган.

Агар қурилиш ташкилоти қонун талабларини бузган ҳолда фуқароларнинг маблағларини жалб қилса, улушдор маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланганлик учун фоизлар тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳужжатда қурилишни узлуксиз молиялаштиришни таъминлаш механизмлари ҳам назарда тутилган. Зарур ҳолларда ваколатли банк ёки қурилиш ташкилотини алмаштириш имконияти белгиланмоқда. Улушли қурилиш лойиҳалари, қурилиш ташкилотлари ва объектларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимига жойлаштирилади.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар қурилаётган кўп квартирали уйларни ўрганиб чиқди, улушдорлар, қурилиш ташкилотлари, банк сектори вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан учрашувлар ўтказди.

Такомиллаштирилган ҳужжатда уй-жойни топшириш муддати бузилган тақдирда объектни муаммоли деб эътироф этиш учун қўшимча равишда олти ой кутиш талаб этилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, қурилиш ташкилоти аниқланган камчиликларни бартараф этмасдан, фақат компенсация тўлаш орқали муаммоли объектни тегишли реестрдан чиқаришга эриша олмайди.

Бундан ташқари, лойиҳадан тадбиркорлар томонидан «қўшимча маълумотлар» тақдим этилишига оид ноаниқ талаблар чиқариб ташланган. Қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатлари эса ўндан ортиқ ҳавола нормаси бўйича белгиланган.

Ўтиш тартиби ҳам назарда тутилган: қонун кучга кирганидан кейин қурилишга рухсатнома олинган объектларга нисбатан татбиқ этилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.