Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ТЎзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ёш архитекторлардан иборат делегацияси Хитойда хорижий стажировка ўтамоқда. Стажировка доирасида иштирокчилар замонавий қурилиш материаллари, технологиялар ва шаҳарсозликнинг илғор ёндашувлари билан танишмоқда.
Делегация ташриф буюрган илк объектлардан бири Sichuan Wangang Metal Product металл буюмлар ишлаб чиқариш заводи бўлди.
Завод вакиллари делегация аъзоларига металл листлардан тайёрланадиган йиғма қолиплаш тизимларини намойиш этди. Шунингдек, уларнинг турлари, техник имкониятлари ва қурилишда қўллаш афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
Бундай тизимлардан фойдаланиш қурилиш ишларининг муддати ва харажатларини қисқартириш, конструкциялар сифатини ошириш ҳамда сейсмик хавфсизлик талабларига риоя этиш имконини беради.
Ўзаро бириктириладиган кичик элементлардан яхлит конструкциялар йиғиш имконияти мураккаб шаклдаги бинолар ва баланд иншоотларни барпо этишни осонлаштиради. Қолиплардан қайта фойдаланиш эса қурилишнинг иқтисодий самарадорлигини оширади.
Ташриф давомида ёш архитекторлар хитойлик мутахассислар ва ишлаб чиқарувчилар билан фикр алмашиб, ушбу технологияларни Ўзбекистонда кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари ва баланд бинолар қурилишида қўллаш истиқболларини муҳокама қилди.
Синов майдончасида иштирокчиларга қолипларни ўрнатиш, бетон қуйиш, бетон қотгандан кейин конструкцияни ечиш ҳамда электр пайвандлаш ишлари намойиш этилди.
Шунингдек, Хитойда Сичуань архитектура технологиялари университети базасида Ўзбекистон делегацияси учун ўқув дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда университет раҳбарияти ва ўқитувчилари, шунингдек, хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари қурилиш соҳасини ривожлантиришда халқаро тажриба алмашиш, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларнинг малакасига боғлиқ экани қайд этилди.
Ўқув дастури назарий машғулотлар ва илғор ечимларни амалий ўрганишни қамраб олади. Унинг асосий йўналишлари қаторига шаҳарсозликни рақамлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш, энергияни тежаш, яшил ҳудудларни сақлаш ва шаҳар муҳитининг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш киради.
Делегация раҳбари, вазир маслаҳатчиси Умида Бойзоқова таълим жараёнини ташкил этгани ва иштирокчилар учун яратилган шароитлар учун Хитой томонига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у ёш мутахассисларни янги билим ва тажриба орттириш имкониятидан унумли фойдаланишга чақирди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация Сичуань архитектура технологиялари университетининг таълим муассасаси ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан очилган музейига ташриф буюрди.
Иштирокчилар университет тарихи, унинг ривожланиш босқичлари ҳамда таълим ва илм-фан соҳасидаги ютуқлари билан танишди. Шундан сўнг улар ўқув-амалий лабораториялар, замонавий ускуналар ва талабалар олган билимларини амалиётда қўллаши учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Стажировка ёш архитекторларга касбий дунёқарашини кенгайтириш, халқаро тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистонда қурилиш ҳамда шаҳарсозлик амалиётида қўлланилиши мумкин бўлган технологиялар билан танишиш имконини бериши кутилмоқда.