Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманларининг «Болалар овози: миллий стратегиялар ва хавфсиз рақамли муҳит» деб номланган иккинчи халқаро форуми доирасида иштирокчилар Қозоғистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси билан танишди. Шунингдек, конституциявий одил судлов масалаларини муҳокама қилди.
Форумнинг иккинчи куни делегациялар Остонадаги 101-сонли ўрта мактабга ташриф буюрди. У ерда тарбиявий ишлар «Адал азамат» миллий дастури доирасида олиб борилади. Дастур замонавий рақамли усуллардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларда ҳалоллик, масъулият, ватанпарварлик ва қонунга ҳурмат туйғуларини шакллантиришга қаратилган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Қозоғистонда шунга ўхшаш модель 217 та мактабда қўлланилмоқда. 101-сонли мактабда, шунингдек, буллингга қарши курашиш, ўқувчиларга психологик ёрдам кўрсатиш ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган рақамли ечимлар жорий этилган.
Иштирокчилар болалар мактабларда жойлаштирилган QR-кодлар орқали мурожаат қилиши мумкин бўлган «111» давлат контакт-марказининг кечаю кундузги фаолияти билан танишди. Мутахассислар билан телефон орқали ёки ёзишма шаклида боғланиш мумкин. Тизим болаларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда зарур ёрдамни ташкил этишга мўлжалланган.
Ташрифлар дастуридан «Жанұя» оила институтини қўллаб-қувватлаш маркази ва Болаларни ҳимоя қилиш бошқармасига бориш ҳам ўрин олди. Ушбу муассасалар оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари билан шуғулланади.
2026 йил 28 октябрь куни форум иштирокчилари Қозоғистон Конституциявий суди раиси Эльвира Азимова билан учрашди.
У мамлакатда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, уларнинг давлат ва жамият учун аҳамияти, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган янги конституциявий нормалар ҳақида маълумот берди.
Қозоғистон Конституциявий судида кўриб чиқилган, болалар манфаатларига дахлдор ишлар ва улар юзасидан қабул қилинган суд қарорларининг мазмунига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларининг конституциявий одил судлов соҳасидаги миллий тажрибаси юзасидан ҳам фикр алмашди.
Форумнинг амалий қисми минтақадаги мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.