Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги делегацияси Хитойга сафари давомида қурилиш ишларини автоматлаштиришда роботлардан фойдаланиш имкониятларини ўрганди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Делегация таркибига кирган ёш архитекторлар қурилиш соҳаси учун робототехника ечимларини ишлаб чиқувчи MacigBIM компаниясига ташриф буюрди.
Компания вакиллари қурилиш жараёнларини автоматлаштиришга мўлжалланган роботларни ишлаб чиқиш ва дастурлаш, шунингдек, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ҳақида маълумот берди.
Делегацияга қурилиш объектларини сканерлаш, биноларнинг уч ўлчамли моделларини яратиш, роботлар ёрдамида деворларга пардоз бериш ва полга плитка ётқизиш технологиялари намойиш этилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар биноларнинг бориш қийин ва хавфли бўлган қисмларини текшириш, муҳандислик коммуникацияларини кўздан кечириш, носозликларни эрта аниқлаш ҳамда қурилиш майдонларида меҳнат хавфсизлигини оширишда робототехникадан фойдаланиш имкониятлари билан танишди.
Шунингдек, робототехника ечимларини бинонинг ахборот моделлаштириш (BIM) технологиялари билан интеграция қилиш, қурилиш жараёнлари самарадорлигини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Тадбир якунлари бўйича томонлар ушбу технологияларни Ўзбекистон қурилиш соҳасига жорий этиш истиқболларини, жумладан, жараёнларни рақамлаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш имкониятларини кўриб чиқди.