Ўзбекистон

Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фуқаролик суд ишларини юритиш, давлат божи ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Фуқаролик процессуал кодексига, шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Жумладан, қонун лойиҳасида фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликларни суд тартибида аниқлашга оид ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартиби белгиланмоқда. Бу фуқаролар учун бюрократик жараёнларни қисқартириш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзгартиришлар тўловга қобилиятсизлик жараёнларини ҳам қамраб олади. Суд бошқарувчиси ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган тақдирда, судларга унинг ҳақи миқдорини камайтириш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, айрим суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш, судгача санация қилиш тартибини аниқлаштириш ҳамда суд бошқарувчиларини зиммаларига юклатилган вазифалардан озод қилиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.

Ўзгартиришларнинг алоҳида қисми давлат божи тўғрисидаги айрим нормаларни ўзаро мувофиқлаштириш, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик жараёнларида кредиторлар ва қарздорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг баҳолашича, ҳужжатнинг қабул қилиниши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик фаолияти учун шароитларни яхшилаш, фуқаролар ва бизнес учун қонунчилик тартиб-таомилларини соддалаштиришга хизмат қилиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.