Туризм

Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик Тошкент ва Карачи шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши фонида кенгаймоқда. Тошкентда икки мамлакат туризм бизнеси вакиллари иштирокида B2B учрашуви бўлиб ўтди. Унда янги йўналишлар ва туристик маҳсулотларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир Centrum Air авиакомпанияси томонидан Тошкент — Карачи йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейс йўлга қўйилиши муносабати билан ташкил этилган танишув FAM Trip тури доирасида ўтказилди.

2026 йил 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган тур доирасида Карачидаги туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Делегация Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, уларнинг тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлари, туристик салоҳияти ҳамда замонавий инфратузилмаси билан танишди.

Дастур доирасида ўзбекистонлик туроператорлар билан учрашувлар ҳам ташкил этилди. Иштирокчилар Покистондан келувчи сайёҳлар учун янги туристик йўналишларни шакллантириш ва илгари суриш имкониятларини муҳокама қилди.

B2B учрашувида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва мавжуд туристик маҳсулотлари тақдим этилди.

Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига ташрифларни ўз ичига олган тарихий-маданий йўналишларни, Буюк Ипак йўли маршрутларини илгари суриш, шунингдек, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.