Иқтисод

Фарғона Корея компаниялари билан янги лойиҳалар бўйича келишувларга эришди

Фарғона Корея компаниялари билан янги лойиҳалар бўйича келишувларга эришди
Фарғона Корея компаниялари билан янги лойиҳалар бўйича келишувларга эришди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳудудда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Кореянинг тўртта компанияси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Келишувларга вилоят делегациясининг Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида эришилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Samyoung Material Inspection Technology Co., Ltd, Korea Health Certification Association, Chalgomu Key Board Co., Ltd ва KINGDOM GLOBAL Co., Ltd компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Учрашувларда Фарғона вилоятида косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш ва ўқитишни назарда тутувчи лойиҳалар кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган ташаббуслар қаторига резина маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий технологиялар ва ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, гольф майдони ташкил этиш лойиҳалари ҳам кирди.

Корея компаниялари вакиллари ўз фаолият йўналишлари, ишлаб чиқариш тажрибаси ва технологик имкониятлари ҳақида маълумот бериб, лойиҳа таклифларини тақдим қилди.

Хайрулло Бозоров таклиф этилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Кореялик ҳамкорларга лойиҳаларни Фарғона вилоятида амалга ошириш учун зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Ҳужжатлар белгиланган йўналишларда кейинги ҳамкорликни давом эттириш ва истиқболли лойиҳалар устида биргаликда ишлашни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.