Технологиялар

IT Park Uzbekistan ва SEE UP стартаплар алоқаларини кучайтирмоқда

IT Park Uzbekistan ва SEE UP стартаплар алоқаларини кучайтирмоқда
IT Park Uzbekistan ва SEE UP стартаплар алоқаларини кучайтирмоқда / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan ва Сербиянинг SEE UP компанияси икки мамлакат стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Тегишли англашув меморандумини томонлар 3 сентябрь куни Белградда IT Park Uzbekistan делегациясининг SEE UP DOO бош директори Душан Обрадович билан учрашуви якунлари бўйича имзолади. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.

IT Park Uzbekistan делегациясига бош директор маслаҳатчиси Абдулаҳад Кўчкаров раҳбарлик қилди. Музокаралар давомида томонлар стартапларни халқаро миқёсда кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Асосий йўналишлардан бири Ўзбекистон ва Сербия стартап экотизимлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўлади. Томонлар ўзбек компанияларига Сербия бозори имкониятларини ўрганишда, сербиялик стартапларга эса Ўзбекистонни Марказий Осиё бозорига чиқиш майдончаси сифатида кўриб чиқишда ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Меморандум стартапларни акселерация қилиш соҳасида ҳам ҳамкорликни назарда тутади. IT Park Uzbekistan ва SEE UP соҳага ихтисослашган дастурлар ва имкониятлар ҳақида ахборот алмашиш, шунингдек, икки мамлакат стартапларининг тегишли ташаббусларда иштирок этишига кўмаклашишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, ҳамкорлар қўшма форумлар, вебинарлар, бизнес-миссиялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ниятида. Ушбу форматлар тажриба алмашиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва янги ҳамкорликларни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Томонлар сунъий интеллект, ИИ соҳасидаги таълим лойиҳалари, тадқиқот ва ишланмалар йўналишидаги ҳамкорликни ҳам алоҳида муҳокама қилди. Эҳтимолий ҳамкорлик шакллари сифатида экспертиза алмашиш, пилот лойиҳаларни ишга тушириш, шунингдек, икки мамлакат стартаплари ва ихтисослашган ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш қайд этилди.

Яна бир йўналиш венчур ва инвестиция экотизимлари иштирокчилари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўлади. Бунда венчур фондлари, бизнес-фаришталар ва корпоратив инвесторлар ўртасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, эҳтимолий инвестиция имкониятлари ҳақида ахборот алмашиш назарда тутилмоқда.

Имзоланган меморандум IT Park Uzbekistan ва SEE UP ўртасидаги кейинги амалий ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистон ва Сербия стартапларининг халқаро ривожланиш имкониятларини кенгайтириш учун асос яратади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.