Иқтисод

Ўзбекистон аграр соҳаси учун суд ҳимояси кучайтирилди

Ўзбекистон аграр соҳаси учун суд ҳимояси кучайтирилди
Ўзбекистон аграр соҳаси учун суд ҳимояси кучайтирилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи субъектлар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилди. Тегишли ўзгартишлар 2026 йил 9 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-1170-сонли қонун билан назарда тутилган.

Ҳужжат бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади.

Янги қоидаларга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуини ривожлантириш агентлиги фуқаролик ва иқтисодий судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Имтиёз агентлик томонидан ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи субъектлар ҳамда иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган ариза, шикоят ва даъво аризаларига татбиқ этилади.

Шу тариқа, агентлик мазкур тоифадаги субъектлар манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида давлат божини тўламасдан судларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.