Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари Эдуардо Банзон бошчилигида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.
Учрашув Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов билан бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Музокаралар давомида ОТБ делегациясига мамлакат фармацевтика экотизимини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, истиқболли лойиҳалар ва агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Фармацевтика маҳсулотлари сифатини ошириш, шунингдек, соҳанинг илмий ва таълим инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистоннинг PIC/S’га аъзо бўлиш жараёни бўлди. Томонлар аъзоликка тайёргарлик, инспекция тизимини халқаро талабларга мувофиқ такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
ОТБ вакиллари Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларни ижобий баҳолаб, истиқболли қўшма ташаббусларни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини янада кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика маркази сифатидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.