Қишлоқ хўжалиги вазири ва Швециядаги элчи қишлоқ хўжалигидаги инновацияларни муҳокама қилишди
Қишлоқ хўжалиги вазири ва Швециядаги элчи қишлоқ хўжалигидаги инновацияларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг Швециядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рахматулла Нуримбетов билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Швециянинг аграр тармоқда қўлланилаётган илғор ишланмалари, хусусан уруғларни экологик хавфсиз усулда зарарсизлантириш ва сифатини оширишга хизмат қилувчи инновацион технологиялар, шунингдек ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган замонавий ечимлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар Швециянинг илмий-тадқиқот марказлари ва инновацион компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда амалий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик тармоғида замонавий технологияларни жорий этиш ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида расмийлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.