Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Бомиён вилояти Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача картошка экспорт қилиши мумкин

UzDaily таҳририяти · 27.07.2026 · 15:40 · 25 views
Бомиён вилояти Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача картошка экспорт қилиши мумкин

Бомиён вилояти Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача картошка экспорт қилиши мумкин
 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Афғонистоннинг Бомиён вилояти ҳокими Ал-Ҳож Қори Гул Ҳайдар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, шунингдек, икки томоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Бомиён вилоятининг иқтисодий ва аграр салоҳияти, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳамда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Бомиён вилояти тоғли иқлими туфайли Афғонистоннинг "картошка пойтахти" сифатида эътироф этилгани қайд этилди. Ҳозирда ҳудудда тажриба тариқасида 17 гектар майдонга экспорт ва саноат усулида қайта ишлаш учун мос бўлган юқори ҳосилли Фонтане навидан 44 тонна уруғлик картошка экилган. Экинлар яхши ривожланмоқда ва юқори ҳосил кутилмоқда.

Лойиҳа картошка ҳосилдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги аграр кооперацияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

Томонлар истиқболда Бомиён вилоятидан Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача юқори сифатли картошка экспорт қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.