Қарийб 1500 ўзбекистонлик сохта ишга жойлаштирилганини маълум қилди
Қарийб 1500 ўзбекистонлик сохта ишга жойлаштирилганини маълум қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекциясига ўз розилигисиз ишга расмийлаштирилганини маълум қилган фуқаролардан 1495 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича фаолият юритаётган 143 та корхона ва ташкилот раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳамда жиноий таъсир чоралари қўлланилди.
Идора матбуот хизмати маълум қилишича, яна 56 та корхонага аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилган.
Текширувлар давомида инспекция мурожаатларда қайд этилган айрим ташкилотлар ҳозирги вақтга келиб тугатилганини ҳам аниқлади. Бундай ҳолатларда 2020–2025 йиллар давомида Ягона миллий меҳнат тизимига киритилган фуқароларнинг меҳнат фаолиятига оид ишончсиз маълумотлар ўчирилди ва уларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Давлат меҳнат инспекцияси ўз шахсий розилигисиз ишга расмийлаштирилгани ҳақида маълумотларни аниқлаган фуқаролар 1176 қисқа рақами орқали ёки расмий @munosibmehnat_bot Telegram-боти орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатди.
Идорада таъкидланишича, ҳар бир мурожаат қонунчилик талабларига мувофиқ кўриб чиқилади ва шундан сўнг зарур таъсир чоралари кўрилади.