Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Ўзбекистон шахматчилари учун рақамли акция бошланди

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 11:45 · 41 views
Ўзбекистон шахматчилари учун рақамли акция бошланди

Ўзбекистон шахматчилари учун рақамли акция бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Шахмат федерацияси халқаро idChess шахмат платформасида «Ўзбекистон жамоасини қўллаб-қувватла — ўз юришингни амалга ошир!» номли умуммиллий рақамли акция бошланганини эълон қилди.

Ташаббус Халқаро шахмат кунига ҳамда 2026 йил 15–27 сентябрь кунлари илк бор Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик муносабати билан йўлга қўйилди.

Лойиҳа мамлакат аҳолисини миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашга жалб этиш, шунингдек, энг йирик шахмат мусобақасига тайёргарлик доирасида спорт, бизнес, ёшлар ва рақамли технологияларни бирлаштиришга қаратилган.

Акция доирасида фойдаланувчилар ҳамкор компанияларнинг мобил иловалари орқали оммавий онлайн турнирларда иштирок этиш имконига эга бўлади.

Ташкилотчилар бир миллионта ўйналган партияни жамлашни режалаштирмоқда. Уларнинг ҳар бири Олимпиада олдидан ва унинг ўтказилиши давомида миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш рамзига айланади.

Ўзбекистон Шахмат федерациясининг стратегик ҳамкори сифатида idChess платформаси иштирок этмоқда. У лойиҳанинг технологик инфратузилмасини таъминлайди. Платформа онлайн турнирларни ташкил этиш, офлайн мусобақаларни трансляция қилиш, ҳамкорларнинг рақамли сервисларига шахмат механизмларини интеграция қилиш, шунингдек, аналитик ва техник қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажаради.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси бош котиби Бобур Сатторовнинг таъкидлашича, шахмат мамлакатнинг маданий кодига айланган ва интеллектуал ютуқлар рамзи ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, Самарқандда бўлиб ўтадиган Олимпиада жамиятни миллий терма жамоа атрофида бирлаштириш, шахматни оммалаштириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бу жараёнга бизнес вакилларини жалб этиш учун муҳим имконият яратади.

idChess асосчиси ва Friflex бош директори Пётр Чернишевнинг айтишича, мазкур ташаббус минтақадаги энг йирик оммавий рақамли шахмат лойиҳасига айланиши кўзда тутилган.

Унинг таъкидлашича, платформа шахмат турнирлари орқали брендлар ва фойдаланувчиларни бирлаштириш, шунингдек, мамлакатнинг ҳар бир аҳолисига ўзини миллий терма жамоанинг бир қисми сифатида ҳис қилиш имкониятини беради.

Ташкилотчилар лойиҳага Ўзбекистоннинг етакчи брендлари ва компаниялари қўшилиши мумкинлигини маълум қилди. Акцияда иштирок этиш бизнес вакилларига Жаҳон шахмат олимпиадасини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда шахмат спортини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини беради.