Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон иқтисодиёти йилнинг биринчи ярмида 8,5% га ўсди

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 17:10 · 50 views
Ўзбекистон иқтисодиёти йилнинг биринчи ярмида 8,5% га ўсди

Ўзбекистон иқтисодиёти йилнинг биринчи ярмида 8,5% га ўсди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари сўзга чиқадиган раҳбарлар фақат ҳисобот билан чекланмасдан, қандай янги захиралар топгани, уларни ишга солиш бўйича қандай тизим ташкил этаётгани ва йил якунигача қандай натижага эришишини аниқ тушунтириши зарурлигини қайд этди. Шунингдек, глобал вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда ҳар бир раҳбар қўшимча сценарийлар билан ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди.

Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етди. Нуфузли «Фитч» ва «Моодйъс» халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди.

Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги глобал тебранишлар шароитида вилоят, туман ва шаҳарларга тадбиркорлик ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун маблағлар кўпайтириб берилаётганини қайд этди.

Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолиши таъкидланди.

Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда “маҳалла еттилиги” ишини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган ҳафта бу борада барча масалалар тушунтирилиб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Бу борада “Долзарб 40 кунлик” эълон қилиниб, 2 мингта энг оғир маҳаллада ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш бошланди.

Ушбу маҳаллаларда ҳоким, маҳалла раиси ва бандлик бўлими ўртасидаги уч томонлама шартномалар қайта кўриб чиқилди.

Ҳокимлар 2 мингта оғир маҳаллада электр, газ, йўл ва сув масалаларини ўз вақтида ҳал қилишга шахсан жавобгар бўлади.

Бандлик тизими масъуллари эҳтиёжманд аҳолини ўқитиш, ишга жойлаштириш ва даромадини ошириш мақсадида ҳудудма-ҳудуд юради.

Маҳалла тизими раҳбарларига 8 минг 992 та маҳаллада кўчалар ва уйларни обод қилиш, дарахт ва кўчат экиш, ариқларни тоза тутиш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилди.

Давлатимиз раҳбари банкларнинг маҳалладаги ишидан мутлақо норози эканини билдирди. Шу боис, Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари ва давлат банклари филиаллари бошлиқларининг фаолиятига қатъий эътироз билдирилди.

Вилоят ва туман банклари ҳамда маҳалла уюшмалари учун бу йил синов ва амалий аттестация йили бўлади. Кейинги уч ойда натижа қилган раҳбар ишида қолади, ўзгариш қилмагани эса лавозимини тарк этади.

Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ҳар бир маҳаллада қандай иш кетаётгани, қандай ўзгариш бўлаётганини назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда озодалик, яшаш маданияти ва ҳовлилар билан ишлаш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Ҳовли уйларни ҳам бошқарув компаниялари фаолияти билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари одамлар бизнес бошлаб, экспортга чиқиши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Ҳозир 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналишда молиявий жарима қўллаш ваколати бор. 2024-2026 йилларда қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланилган.

Президентимиз жазо қўллайдиган ташкилотлар масъулларининг онги ва дунёқараши ўзгариши зарурлигини таъкидлади. Улар тадбиркорни жазолашдан олдин унга имконият бериш ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши керак.

Ташқи бозорда рақобат кучаяётган шароитда ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун тўлов ҳамда йиғимларни камайтириш масаласи ҳам кўтарилди.

Мисол сифатида бир фура гилосни экспорт қилишда божхона йиғими, фумигация, сертификат ва декларант хизмати учун 5 миллион сўмгача қўшимча харажат қилинаётгани айтилди.

Барча вазир ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафтада тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент Администрациясига киритиш топширилди.

Олти ой якуни бўйича саноат ва экспорт кўрсаткичлари ҳам танқидий таҳлил қилинди.

Биринчи чорак якунида саноат режасига чиқмаган 13 та туман ҳокими ва экспортни камайтирган 15 та туман ҳокими жазоланган эди. Кўпчилик ҳокимлар бундан хулоса чиқариб, олти ойлик прогнозларни бажарди. Лекин айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши суръати пасайгани қайд этилди.

Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этди. Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам ўсиш суръати тушиб кетган.

Экспорт йўналишида ҳам қатор туман ва шаҳарларда ўзгариш бўлмагани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Касби, Денов, Тошкент тумани, Жиззах шаҳри, Пахтаобод, Навоий шаҳри, Жомбой, Тойлоқ, Бандихон, Мирзачўл, Ёзёвон ва Бектемирда ишлар сусайгани танқид қилинди.

Бош вазирга ушбу 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини бугуннинг ўзида кўриб чиқиш топширилди.

Тўққиз ой якунида ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокими ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чора кўрилиши белгиланди.

Стратегик корхоналар харажатлари ҳам алоҳида таҳлил қилинди.

Олдин тармоқлар умумий харажатларни фоизда қисқартириб, таннарх камайгани ҳақида ҳисобот берар эди. Бир бирлик маҳсулот таннархи бўйича таҳлил эса ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берди.

Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатида 1 унция олтин таннархи 8,2 фоизга ошган. Жами харажатлар ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон металлургия комбинатида пўлат шарлар ишлаб чиқариш таннархи 5,4 фоизга, «Ўзкимёсаноат»да карбамид бўйича 11,1 фоизга, аммиакли селитра бўйича 8,3 фоизга ошган.

“Франклин Темплетон” ИПОга чиқиши керак бўлган 13 та йирик компанияни таҳлил қилиб бергани қайд этилди.

“Узбекистан Аирвайс” мисолида маршрутлар оптимал танланмагани, рейслар ораси узоқлиги ва кечикишлар кўплиги, кейтеринг ҳамда техник хизматда рақобат йўқлиги сабабли 120 миллион доллар даромад бой берилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Келгуси ўн йилда энергетика инфратузилмаси учун 8 миллиард доллар талаб этилади.

Шу билан бирга, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш орқали даромадни ошириш бўйича етарли иш олиб борилмаяпти. Олти ойда электр энергияси йўқотиши 17,2 фоизни ёки 4,8 миллиард киловатт-соатни ташкил қилган.

Газ тармоғидаги йўқотишлар 7,6 фоизга, яъни 797 миллион куб метрга етгани айтилди. Ҳудудий газ тармоқлари корхоналарида меҳнат унумдорлиги қўшни давлатларга нисбатан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди.

“Франклин Темплетон” таҳлилларига кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари” бозор қийматини 2 баробарга ошириш мумкин.

Шунингдек, “Узбекистан Аирвайс” бозор қийматини 40 фоизга, «Ўзбектелеком»никини 50 фоизга ошириш имконияти бор.

Солиқ тушумлари бўйича ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Йил бошидан солиқ тушуми 27 фоизга кўпайиб, 130 триллион сўмдан ошди.

Лекин қўшимча тушум бўйича йиллик режа атиги 40 фоизга бажарилган. Бу 12 триллион сўмни ташкил этади. Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари солиқ тушуми бўйича корхоналар билан етарли ишламаётгани танқид қилинди.

Бухоро вилояти мисолида айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган 162 та корхона кетма-кет уч йил фаолиятини зарар билан якунлагани учун 1 сўм ҳам фойда солиғи тўламагани айтилди.

Шунингдек, 1,5 мингта корхона қўшилган қиймат солиғи тўламасдан, фақат ҚҚСни чегириб юргани қайд этилди. Шу боис, Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

1 июлдан 498 та йирик солиқ тўловчи корхонадан солиқ ундириш ваколати вилоятларга тушириб берилгани қайд этилиб, энди бирорта баҳонага ўрин қолмагани таъкидланди. Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вилоят солиқ раҳбарларига мазкур корхоналар билан яқиндан ишлаб, солиқлар тўлиқ ҳажмда йиғилишини таъминлаш топширилди.

Ҳозир 16 та тўқимачилик корхонаси кредитни қайтариш бўйича суд жараёнлари чўзилаётгани сабабли деярли ишламай турибди. Уларнинг аксарияти янги қувватлар ҳисобланади.

Бунинг оқибатида 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 400 миллион долларлик экспорт бой бериляпти.

Айрим банклар томонидан бундай корхоналар фаолиятини тиклаш бўйича ижобий тажрибалар борлиги қайд этилди.

Масалан, “Тошкент коттон” корхонасига ташқи бошқарув гуруҳи киритилиб, фаолияти тикланган ва бу йил 10 миллион долларлик экспорт қилинган.

Мутасаддиларга қолган корхоналарга масъулларни бириктириб, ишлаб чиқаришни тўлиқ тиклаш топширилди.

Йил бошидан 57 та тармоқ ва 76 та ҳудудий корхона ишлаб чиқаришни 11 триллион сўмга камайтиргани қайд этилди.

Бош вазир ўринбосарига вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан ўн кунда «корхонабай» таҳлил ўтказиш топширилди. Ҳар бир корхонада қандай муаммо бўлса, шу жойнинг ўзида ҳал этилади.

Саноат кенгашига 133 та корхонада йўқотилган 11 триллион сўмлик ишлаб чиқаришни қоплаш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, ҳозир 22 триллион сўмлик 3 мингта давлат объекти аукционда тургани айтилди. Ҳокимларда давлат мулкларини сотиш бўйича тизим йўқлиги танқид қилинди.

Яқинда янги хусусийлаштириш дастури бошланади. Унга кўра, 100 триллион сўмлик 1,3 мингта кўчмас мулк, 8 минг гектар ер майдони ва 66 та корхонадаги давлат улушлари савдога чиқарилади.

Давлат активини олган тадбиркор учун аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилади. Қолган суммани фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Ҳозир банклар балансида 9 триллион 300 миллиард сўмлик 2 минг 411 та мол-мулк сотилмай турибди.

Ҳар бир объектнинг банк балансида асосли тургани таҳлил қилинади. Харидори бор, лекин сунъий ушлаб турилган объектлар бўйича қонун устуворлиги таъминланади.

Айрим ҳудудларда импорт экспортдан тезроқ ўсиб бораётгани ҳам танқид қилинди. Ўтган йили импорт экспортга нисбатан Тошкент вилоятида 1,9 миллиард долларга, Самарқандда 1,4 миллиард долларга кўп бўлган.

Андижонда бу фарқ 866 миллион доллар, Жиззахда 792 миллион доллар, Бухорода 662 миллион долларни ташкил этган.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳоким бундай ҳолатни чуқур ўрганиши ва импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича аниқ чора кўриши шартлигини таъкидлади.

Сўнгги уч йилда экспортбоп маҳсулот чиқарадиган 509 та янги қувват ишга туширилган. Ушбу лойиҳалар қиймати 11 миллиард долларни ташкил этади.

Лекин бу корхоналарнинг 208 таси ҳалигача экспортга чиқмаган. Агар улар маҳсулотининг камида 30-40 фоизини экспортга чиқарса, мамлакатга яна 1,5 - 2 миллиард доллар валюта тушиши мумкин.

Йил бошидан 47 та махсус иқтисодий зонадан 29 тасида умуман экспорт бўлмагани ҳам танқид қилинди. Қолган 18 тасидаги экспорт ҳажми 500 миллион доллардан ошмайди.

Мутасаддиларга “тезкор бригадалар” ташкил этиб, 208 та корхона ва 29 та махсус иқтисодий зонага юбориш топширилди. Бу бригадалар корхоналарнинг сертификат, айланма маблағ, бозор ва логистика билан боғлиқ масалаларини тезкор ҳал этади.

Шунингдек, икки йилдан буён 300 миллион долларлик 219 та ускуна ишлатилмай тургани, яна 619 миллион долларлик 154 та ускуна бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланмагани қайд этилди. Бир ой муддатда бу борадаги вазиятни жойида ўрганиб, мавжуд камчилик ва тўсиқларни бартараф этиш топширилди.

Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу борада жорий этилган тизим натижасида маҳаллий брендлар сони ортиб бормоқда.

Сўнгги икки йилда миллий брендлар учун 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Лекин ўз брендини рўйхатдан ўтказган 309 та маҳаллий корхонанинг учдан бири ҳалигача экспортга чиқмаган.

Давлатимиз раҳбари бренд яратган тадбиркорлар сифат, нарх ва кафолат бўйича ички бозорда ишонч қозонганини таъкидлади. Уларга озгина кўмак берилса, ташқи бозорларда ҳам ўз йўлини топиши мумкин.

Шу билан бирга, айрим импорт маҳсулотлари демпинг нархда ёки контрафакт сифатида кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилди.

Мутасаддиларга икки ҳафтада маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Ташқи савдо юкларининг 70 фоизи, яъни 46 миллион тоннаси темир йўл орқали ташилади. Шу билан бирга, ушбу йўналишда тадбиркорлардан эътирозлар кўплиги қайд этилди.

Йил бошидан цемент ишлаб чиқарувчилар юк ташиш учун сўраган 2 минг 800 та вагон етказиб берилмаган. Иккинчи ярим йилликда қўшимча 1 минг 300 та юк вагони ишлаб чиқариш режаси ҳам етарли эмаслиги айтилди.

Мутасаддиларга ўн кунда ҳамкор давлатларда бўш турган 10 мингта вагонни хусусий сектор билан биргаликда олиб келиш бўйича ҳисоб-китоб тайёрлаш топширилди.

Шу билан бирга, “Ангрен – Поп”, “Тошғузор – Қумқўрғон” ва “Тошкент – Самарқанд” темир йўл линиялари ортиқча юклама билан ишлаётгани қайд этилди.

Йил якунигача темир йўл инфратузилмаси учун Жаҳон банкидан 200 миллион доллар жалб қилиш бўйича келишувга эришиш вазифаси қўйилди.

Бош прокуратурага юк вагонларини кўпайтиришга ажратилган маблағларнинг ишлатилиши ва тадбиркорларга вагон ажратилиши тизимини ўрганиб, уни шаффоф қилиш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Сўнгги йилларда олий даражадаги 52 та ташриф доирасида 213 миллиард долларлик 1 минг 617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган. Лекин бу лойиҳалар ижросини назорат қилишда сусткашликлар кузатилаётгани қайд этилди.

Эндиликда “йўл хариталари” Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилиши белгиланди.

Бош вазирга ҳар ҳафта тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва элчилар билан бирга “йўл хариталари”ни давлатлар кесимида, «лойиҳабай» муҳокама қилиш топширилди.

Давлатимиз раҳбари хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти бўйича ҳам кўп эътирозлар борлигини билдирди. Беларусдаги элчи инвестиция ва ташқи савдо масалаларига бефарқлиги учун лавозимидан озод этилган, Франция, Австрия, Испания, Италия, Ўмон, Индонезия, Малайзия ва Цингапурдаги элчиларнинг фаолияти ҳам етарли даражада кўринмаётгани қайд этилди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага комиссия тузиб, иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт бўйича дипломатик ваколатхоналарнинг ишини таҳлил қилиш, ўз вазифасини бажара олмаётганларни ёш, замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар киритиш топширилди.

Йиғилишда иқтисодий барқарорлик учун энг муҳим масалалардан бири – инфляция муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бозорда товар ва хизматлар таклифини кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш вазифаси қўйилганини эслатди.

Вилоят ҳокимлари январь-июнь ойларида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликни мақсад қилган эди. Лекин Самарқанд вилоятидан ташқари бирорта ҳудуд буни уддалай олмаган.

Апрель-июнь ойларида гўшт нархи 6-8 фоизга кўтарилгани қайд этилди. Шу боис, импорт гўштни самолётда ташиш харажатларини қоплаш учун 300 миллиард сўм ажратилган. Пойтахт ва Тошкент вилоятидан тадбиркорлар самолётда 1 минг 300 тонна гўшт олиб келгани айтилди. Лекин бошқа ҳудудлар бу борада етарли ташаббус кўрсатмаган.

Давлатимиз раҳбари ҳокимлар ва масъуллар гўшт балансини вилоятлар кесимида қайта кўриб чиқиб, қачон ва қайси давлатдан қанча гўшт олиб келиш бўйича аниқ режа тузиши шартлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари чорвачиликдаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берди. Илгари маълум қилинган рақамларга нисбатан қорамоллар сони 2,1 миллион бошга, қўй ва эчкилар сони 1,5 миллион бошга кам чиқди.

Биргина Қашқадарё вилоятида қорамоллар сони 171 минг бошга, қўй ва эчкилар 288 минг бошга камлиги аниқланган. Бу ушбу вилоят ҳисобидан бозорга 50 минг тонна гўшт ва 120 миллион литр сут чиқмаслигини англатади.

Чорвачилик лойиҳалари учун май ойида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 1 триллион сўм ажратилган. Бунга қўшимча равишда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан яна 50 миллион доллар йўналтирилади.

Мазкур маблағлар ҳисобидан чорва комплекси ташкил этишга 5 миллиард сўмгача, наслли қорамолчилик учун 20 миллиард сўмгача 10 фоизли кредит ажратилади. Кредитлар 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди.

Гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтирилади.

Жойларда йил давомида интервенция тизими тўғри йўлга қўйилмагани сабабли пишиқчилик пайтида далада картошка нархи тушиб кетгани қайд этилди. Фермерларда манфаатдорлик бўлмагани учун 325 минг тонна картошка сотилмай турибди.

Давлатимиз раҳбари картошкани фермерлар фойда кўрадиган нархда захирага олиб, тақчиллик пайтида бозорга чиқариш орқали нархни барқарор ушлаш зарурлигини таъкидлади.

Йилнинг ярми ўтган бўлсада, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида мева-сабзавотни сақлайдиган бирорта ҳам совиткичли омбор ишга туширилмагани танқид қилинди.

Йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Ҳокимлар бу йил озиқ-овқат жамғармаларини 2,5 баробар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказиши керак эди. Лекин айрим ҳудудлардан ташқари бирорта ҳоким жамғармага маблағ ўтказмагани айтилди.

Бош вазир ўринбосарига уч кунда график тасдиқлаб, ҳокимларга озиқ-овқат жамғармаларига ойма-ой қанча маблағ туширишини белгилаб бериш топширилди.

Президентимиз глобал иқтисодиётдаги ҳозирги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини қайд этди. Асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик секинлашаётгани маҳаллий корхоналаримизга, айниқса, экспортчиларга таъсир қилиши мумкин.

Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хатарларни ҳисобга олган ҳолда ўз захираларини сафарбар қилишга тайёр бўлиши шартлиги таъкидланди.

Барча тармоқ ва ҳудудларга “ақл марказлари” бириктирилган. Энди Иқтисодий кенгаш ва 9 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Ишчи гуруҳлар “ақл марказлари” билан бирга 15 августгача тармоқ ва ҳудудлар кесимида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади. Бу таклифлар “ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – буджетга тушум – экспорт” занжирини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган бўлади.

Давлатимиз раҳбари 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, буджет, инвестиция ва экспорт дастурлари мутлақо янгича ёндашув – “сафарбарлик сценарийси” асосида тайёрланиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳисобот берди, бугунги топшириқлар ижросини жойларда қандай ташкил қилиши бўйича режаларини айтди.