«Мовий гумбаз»даги рухсатсиз таъмир ишлари тўхтатилди
«Мовий гумбаз»даги рухсатсиз таъмир ишлари тўхтатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маданий мерос агентлиги маданий мерос объекти ҳисобланган «Мовий гумбаз» кафеси томида рухсатсиз олиб борилаётган таъмирлаш ишларини тўхтатди. Текширувга ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асос бўлди.
Идора маълум қилишича, агентлик ходимлари 20 июль куни соат тахминан 22:00 да текширув ўтказиш учун воқеа жойига чиққан. Кўздан кечириш давомида объект томида ваколатли давлат органлари билан келишилмаган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани аниқланган.
Агентлик вакиллари ишлар тўхтатилишини таъминлаб, объект раҳбарияти билан тушунтириш ишларини олиб борган.
Кафе эгаларига маданий мерос объектларида ҳар қандай таъмирлаш, реставрация ва бошқа қурилиш ишлари фақат ваколатли органларнинг тегишли рухсатномаси олинганидан кейин амалга оширилиши мумкинлиги эслатилди. Шунингдек, уларга маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Агентлик қайд этишича, «Мовий гумбаз» кафеси Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос кўчмас мулк объектлари Миллий реестрига киритилган бўлиб, модернизм меъморчилигининг намунаси сифатида давлат муҳофазасига олинган.