Бейбут Атамқулов Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлади
Бейбут Атамқулов Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов дипломат билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
Саидов Атамқуловнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирига кўра, элчининг дипломатик фаолияти икки томонлама муносабатларда муҳим даврга тўғри келган.
Хусусан, 2022 йил 22 декабрда Ўзбекистон ва Қозоғистон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган.
Саидов Атамқуловга икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, дипломатнинг хизматлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юқори баҳоланганини қайд этди. Атамқулов «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
«Жаноб Элчини Ўзбекистоннинг самимий дўсти ва юқори даражали профессионал сифатида юксак қадрлаймиз», — деди Саидов ва дипломатга кейинги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ерали Туғжановни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлаган эди. Тегишли фармонни Қозоғистон давлат раҳбари имзолаган.