Янги Наманганда 4 юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланди
Янги Наманганда 4 юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Янги Наманган» ҳудудида 310 ўринга мўлжалланган замонавий 4 юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланди. Инвестиция лойиҳасининг қиймати 114 млрд сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Давлатобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Тош қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, тадбиркорлар ва вилоят аҳолиси вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа халқаро архитектура ечимларини инобатга олган ҳолда меҳмонхона қурилишини назарда тутади. Меҳмонхонада замонавий хоналар, ресторан, конференция заллари, фитнес-марказ, бассейн ҳамда сервис инфратузилмасининг бошқа объектлари жойлаштирилади.
Янги меҳмонхона маҳаллий ва хорижий меҳмонларни жойлаштириш учун шароит яратиши ҳамда Наманган вилояти туристик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш янги иш ўринларини яратиш, хизматлар соҳасини кенгайтириш, шунингдек, ҳудуднинг инвестициявий ва туристик салоҳиятини оширишни ҳам назарда тутади.