Туризм

Тошкентда 100 та янги гастрономик ва сайёҳлик кўчаси ташкил этилади

Тошкентда 100 та янги гастрономик ва сайёҳлик кўчаси ташкил этилади
Тошкентда 100 та янги гастрономик ва сайёҳлик кўчаси ташкил этилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши пойтахтда 2030 йилга қадар ташкил этиш режалаштирилган 100 та гастрономик, сайёҳлик, сояли сайр ва 24 соатлик кўчаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда e-qaror.gov.uz портали хабар берди.

Ҳужжатга кўра, масъул идораларга кўчаларни шаҳар бош режаси, мастер-режа, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, шунингдек, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқ ташкил этиш топширилди.

Кўчаларда 24 соат ишлайдиган видеокузатув тизими ўрнатилади. Шунингдек, автотураргоҳлар, ҳожатхоналар, Wi-Fi зоналари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш кўзда тутилган. Ягона концепция асосида кўчаларда савдо ва умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, ҳунармандчилик, маданият ва кўнгилочар объектлар жойлаштирилади.

Кўчалар Тошкентнинг 12 та тумани: Бектемир, Мирзо Улуғбек, Мирабод, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт ва Яшнобод туманларида ташкил этилади.

Энг кўп кўча Яшнобод туманида — 11 та, шунингдек, Мирабод ва Чилонзор туманларининг ҳар бирида 10 тадан ташкил этилиши режалаштирилган. Лойиҳани барча туманларда амалга ошириш 2026–2030 йилларга мўлжалланган.

Рўйхатда гавжум, яъни одамлар кўп қатнайдиган ва серҳаракат кўчалар устунлик қилади. Шунингдек, алоҳида соял сайр кўчалари ҳамда фестиваль макони форматидаги битта кўча — Чилонзор туманидаги Афросиёб кўчаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.