Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг China Testing & Certification International Group Co., Ltd. (CTC) компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегацияга компаниянинг халқаро бўлинмаси бош директори Тянь Цзуфэн бошчилик қилди. Томонлар ҳудуддаги инвестиция лойиҳалари ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири аввалги учрашувлар давомида таклиф этилган ташаббусларни амалда рўёбга чиқариш бўлди.
Иштирокчилар, шунингдек, Хитой компаниясининг тажрибасини жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқди.
Жумладан, CTC компаниясининг маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, мувофиқликни баҳолаш ва халқаро стандартлар асосида сертификатлаш соҳасидаги салоҳиятидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қурилиш материаллари ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда энергетика соҳаларини қамраб олади.
Қўшма ташаббусларни амалга ошириш доирасида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва янги иш ўринларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Фарғона вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва ҳудуднинг сармоя жалб этиш салоҳияти ҳам қайд этилди.
Хайрулло Бозоров таклиф этилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, уларни аниқ инвестиция лойиҳалари шаклида пухта ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди.