Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 28–29 октябрь кунлари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган Ўзбекистон — Грузия бизнес-миссияси бўлиб ўтмоқда.
Тадбир Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Грузиядаги элчихонаси томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилди.
Бизнес-миссияда Грузия ишбилармон доиралари вакиллари, жумладан, Грузия Инвестициялар палатаси, Тбилиси эркин саноат зонаси ҳамда Business Shop, EurAsia Gulf, PB Service, Blanco, GWG Development ва WeGroup компаниялари иштирок этмоқда. Музокараларга Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва корхоналари вакиллари ҳам жалб қилинган.
Муҳокамаларнинг асосий мавзулари ўзаро савдони ривожлантириш, саноат соҳасидаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб этиш ва қўшма бизнес ташаббусларини тайёрлашдан иборат бўлди.
Дастурдан Грузия компанияларининг тақдимотлари, B2B ва B2G форматларида тўғридан-тўғри музокаралар, шунингдек, Янги Тошкент ва IT Park Uzbekistan ҳудудларига ташрифлар ўрин олган. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари ва инфратузилмаси билан танишади.
Ташкилотчилар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга ва иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини кутмоқда.