Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасини рақамлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ягона Toza makon биллинг тизими фуқароларга чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун ҳақ тўлаш, ҳисобланган суммаларни текшириш ва шахсий ҳисобварақлар ҳолатини назорат қилиш имконини бермоқда. Кейинги босқичда ихтисослаштирилган техникалар ҳаракатини онлайн кузатиш тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Toza makon тизими давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бунинг натижасида аҳоли қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун мавжуд электрон тўлов воситалари орқали ҳақ тўлаши мумкин.
Фойдаланувчилар учун Toza makon мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган. У орқали ҳисобланган тўловларни текшириш, қарздорлик мавжудлигини билиш, тўловларни кузатиш ва шахсий ҳисобварақ бўйича маълумотларни кўриш мумкин.
2025 йил ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1044-сон қонунига мувофиқ, чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати учун қарздорлик мавжуд бўлган ҳолатларда электр таъминоти билан боғлиқ чекловларни қўллаш механизми амал қилмоқда.
Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун агентлик ҳузурида 1205 қисқа рақами орқали кеча-ю кундуз ишлайдиган колл-марказ ташкил этилган.
Келиб тушган мурожаатлар юзага келган муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида кўриб чиқилади. Имкон қадар, улар мурожаат келиб тушган куннинг ўзида ҳал этилади.
Айни пайтда чиқинди ташувчи машиналарнинг хизмат кўрсатиладиган ҳудудларга чиқишини ва тасдиқланган ҳаракат жадвалларига риоя этилишини реал вақт режимида назорат қилиш имконини берадиган мониторинг тизими устида иш олиб борилмоқда.
Келгусида аҳоли мобил илова ва Telegram-бот орқали ўз ҳудудига хизмат кўрсатувчи чиқинди ташиш техникасининг ҳаракатини кузатиши ҳамда машиналар яқинлашаётгани ҳақида хабарномалар олиши мумкин бўлади. Тизим хизматлар сифатини назорат қилиш ва санитария тозалаш корхоналари фаолиятини баҳолашни ҳам назарда тутади.
Бундан ташқари, биллинг тизимида кўрсатилган хизматлар ҳисобини такомиллаштириш режалаштирилган. Бунда назорат асосан географик ҳудудлар бўйича эмас, балки фуқароларнинг аниқ яшаш манзиллари ва чиқинди тўплаш нуқталари бўйича юритилади.
Хизматлар амалда кўрсатилмаган ҳолатлар учун алоҳида тартиб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 95-сон қарорига мувофиқ, белгиланган тартибда чиқинди олиб чиқилмаган даврлар учун тўлов қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.