Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамияти ва халқаро консалтинг компанияси McKinsey & Company миллий нефть-газ компаниясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув «Ўзбекнефтегаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамраев ва McKinsey компаниясининг глобал бошқарувчи ҳамкори Боб Стернфелс ўртасида бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар компаниянинг стратегик устувор йўналишларини белгилаш ёндашувларини, шунингдек, узоқ муддатли ривожланиш режасини шакллантиришда халқаро тажрибадан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Иштирокчилар «Ўзбекнефтегаз»нинг стратегик мақсадларини нефть-газ соҳасидаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда аниқ белгилаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, компаниянинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли омилларини инобатга олиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар жаҳон энергетикасидаги ўзгаришлар ва нефть-газ секторини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга оладиган стратегик йўналишларни ишлаб чиқишга бағишланди.