Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғонада Корея инвестицияси билан завод ишга туширилади

UzDaily таҳририяти · 06.08.2026 · 21:55 · 16 views
Фарғонада Корея инвестицияси билан завод ишга туширилади
Фарғонада Корея инвестицияси билан завод ишга туширилади  / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Жанубий Кореянинг “AHA Co., Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До ҳамда хитойлик ҳамкор компаниялари раҳбарларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Экошаҳардаги корхона қурилишининг бориши, IT ва таълим йўналишидаги қўшма лойиҳалар ҳамда янги режалар ҳақида сўз юритилди.

Мазкур компания вилоятимиздаги лойиҳага 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритмоқда. Янги корхонада ички бозор ва экспорт учун интерактив электрон доскалар (IFPD), электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар, тиббий жиҳозлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар маҳаллий тарзда ишлаб чиқарилади.

Вилоят раҳбари кореялик инвесторнинг лойиҳани ҳаётга татбиқ этишдаги фаоллиги ва масъулиятини, янги ҳамкорларни жалб этиш ҳамда инвестициявий муҳитни кенгайтириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.

Компания раҳбари Ку Ги До Экошаҳарда олиб борилаётган лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишлари якуний босқичга келганини ва ишлаб чиқариш корхонаси сентябрь ойида ишга туширилишини маълум қилди. Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларига грант маблағларини жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Мулоқот давомида лойиҳани якунлаш ва ишга тушириш билан боғлиқ айрим масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокими хорижлик ҳамкорларнинг барча истиқболли таклифлари ва ташаббуслари қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Мулоқот якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида тадбирлар белгиланди.