Йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси Сенатга тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди ва уни Сенатга кўриб чиқиш учун тақдим этди.
Ушбу ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш натижасида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлиги ва муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.