Фарғона Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
Фарғона Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қобул шаҳрида қатор учрашувлар ўтказди.
Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан бўлиб ўтган самимий ва дўстона руҳдаги мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро ишонч, қардошлик муносабатлари ҳамда савдо-иқтисодий алоқалар изчил мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Қобул шаҳрида Фарғона савдо уйининг ташкил этилгани тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиши, икки томонлама савдо муносабатларини янада ривожлантириши ва янги бизнес ҳамкорликларни йўлга қўйишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашувда Фарғона вилояти ва Афғонистон ўртасида қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти, логистика, электротехника ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Афғонистон бозорига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, ун ва дон, тўқимачилик саноати маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак, қурилиш материаллари ҳамда фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича истиқболли режалар кўриб чиқилди.