Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона ва Балх вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 13:30 · 26 views
Фарғона ва Балх вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Фарғона ва Балх вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда / Сурат: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Мозори Шариф шаҳрида Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафо билан учрашди.

Музокаралар чоғида икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро шерикликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асослангани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Афғонистон билан барча соҳаларда конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани эътироф этилди.

Фарғона ва Балх вилояти ўртасида шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилди. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, саноат йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Фарғона вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ҳамда эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри бизнес-мулоқотларни фаоллаштириш ва ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга келишиб олинди. Хусусан, бу ерда етиштирилган мевалар Фарғона вилоятига олиб келиниб, уларни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Учрашув якунида томонлар ўртасида алоқаларни изчил ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.