Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистоннинг саккизта логистика маркази БМТнинг Қуруқлик портлари мақомини олди

Дилафруз Ниязова · 12.12.2025 · 21:03 · 327 views
Ўзбекистоннинг саккизта логистика маркази БМТнинг Қуруқлик портлари мақомини олди
Ўзбекистоннинг саккизта логистика маркази БМТнинг Қуруқлик портлари мақомини олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) томонидан Бангкок шаҳрида ўтказилган “Қуруқлик портлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим”нинг 6-Ишчи гуруҳ йиғилишида Ўзбекистон учун муҳим натижалар эълон қилинди.

Йиғилиш якунларига кўра, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ таркибидаги 8 та логистика маркази — Жиззах, Қўқон, Марғилон, Роустон, Улуғбек, Термиз, Бухоро ва Нукус логистика марказлари — БМТ таснифи бўйича “Қуруқлик порти” мақомини олиш учун зарур бўлган халқаро мезонларга тўлиқ жавоб бериши расман қайд этилди.

Мазкур объектларнинг халқаро рўйхатга киритилиши Ўзбекистоннинг глобал транспорт тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақавий юк оқимларининг марказий бўғини сифатидаги салоҳиятини ошириш ҳамда мамлакатнинг транзит-логистика имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Логистика марказларининг қуруқлик порти сифатида тан олиниши уларнинг мультимодал ташувларни ташкил этиш, божхона расмийлаштируви, терминал ва экспедиторлик хизматлари, контейнерларни қайта ишлаш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳамда юқори операцион қувватлар каби халқаро талабларга мувофиқ фаолият юритаётганини тасдиқлайди.