Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

ТДТУда Нагаока университетининг ваколатхонаси очилди

UzDaily таҳририяти · 10.08.2026 · 11:15 · 24 views
ТДТУда Нагаока университетининг ваколатхонаси очилди
ТДТУда Нагаока университетининг ваколатхонаси очилди / Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 август куни олийгоҳимизда Нагаока технология университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. 

Тадбирда Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кенжи Хирата, ЖИСАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Кан Сакай, Нагаока технология университети Президенти Шигехару Камадо, университетнинг халқаро стратегия бўйича вице-президенти Юкио Мияшита, университетимиз ректори, академик Садритдин Турабджанов бошчилигидаги олийгоҳ раҳбарияти иштирок этди. 

Дастлаб меҳмонлар ТДТУ ҳузуридаги Ўзбекистон–Япония Ёшлар инновация маркази конференция залида кутиб олинди. Учрашув давомида икки университет ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, халқаро грант лойиҳалари ҳамда инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Учрашув якунида ТДТУ ва Нагаока технология университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Шундан сўнг Нагаока технология университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очишга бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди. Унда Кенжи Хирата, Кан Сакай, Шигехару Камадо, Садриддин Туробжонов ва Саидмурод Ниёзбеков рамзий тасмани кесиб, ваколатхона фаолиятига расман старт бердилар. Маросим доирасида япон анъаналарига мувофиқ Дарума қўғирчоғининг кўзини бўяш маросими ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида меҳмонлар ТДТУда фаолият юритаётган Жапан Сареэр Асадемйга ташриф буюриб, талабалар билан мулоқот қилдилар. Шунингдек, Нагаока технология университетининг халқаро стратегия бўйича вице-президенти Юкио Мияшита ҳамда ТДТУнинг халқаро ишлар ва инновациялар бўйича проректори Шавкат Азимов томонидан маърузалар тақдим этилди. Маърузаларда халқаро академик мобиллик, қўшма илмий тадқиқотлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз юритилди.

Нагаока технология университетининг ТДТУдаги ваколатхонаси очилиши икки университет ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, академик мобилликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.