Ўзбекистон ва Саудия Арабистони фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини тартибга солишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" ДМда Саудия Арабистони ҳамда Ҳиндистоннинг фарматсевика компаниялари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда дори воситаларини муомалага киритиш билан боғлиқ регулятор масалалар, хусусан, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тан олиш орқали рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаштириш, ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда экспертизадан ўтказиш тартиблари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Марказ мутахассислари хорижий компаниялар вакилларига Ўзбекистонда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнининг амалдаги тартиблари юзасидан батафсил маълумот берди.
Шунингдек, Саудия томони Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Saudi Food and Drug Authority (SFDA) ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар SFDAнинг регулятор соҳасидаги илғор тажрибасидан фойдаланиш Марказнинг халқаро стандартларга мувофиқ фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусан, келгусида ЖССТнинг ML3 даражасига эришиш йўлидаги ишлар учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш, соҳада ўзаро тажриба алмашиш ҳамда юзага келадиган масалаларни ишчи тартибда муҳокама қилиб бориш бўйича келишувга эришди.