Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

«ЎзМИЖ»нинг ярим йиллик фойдаси 2,1 триллион сўмга етди

UzDaily таҳририяти · 03.08.2026 · 18:10 · 36 views
«ЎзМИЖ»нинг ярим йиллик фойдаси 2,1 триллион сўмга етди
«ЎзМИЖ»нинг ярим йиллик фойдаси 2,1 триллион сўмга етди / Фото: CBU.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси («ЎзМИЖ», UzNIF) 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МСҲС) бўйича қарийб 2,1 триллион сўм соф фойда олди. Бир йил аввал ушбу кўрсаткич 52,6 миллиард сўмни ташкил этган эди.

Молиявий натижанинг ўсишига асосий омил сифатида ҳаққоний қиймат бўйича фойда ёки зарар орқали ҳисобга олинадиган акцияларга киритилган инвестициялардан олинган амалга оширилмаган соф фойда хизмат қилди. Ҳисобот даврида бу кўрсаткич 2,2 триллион сўмни ташкил этиб, жамғарма портфелига кирувчи қимматли қоғозлар бозор қийматининг ўзгаришини акс эттирди.

Дивидендлардан олинган ялпи даромад 55,4 миллиард сўмдан 341 миллиард сўмгача ошди, операцион фойда эса 55,4 миллиард сўмдан 2,5 триллион сўмгача кўтарилди.

Биринчи ярим йиллик якунига кўра, жамғарма активлари 32,5 триллион сўмга етди. Бу йил бошига нисбатан 7,2 фоизга кўпдир. Ўз капитали 6,1 фоизга ўсиб, 31,7 триллион сўмни ташкил қилди. Тақсимланмаган фойда ҳажми эса 146,6 фоизга ошиб, 3,5 триллион сўмга етди.

Эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, кўрсаткичларнинг ўсиши асосан жамғарманинг муҳим активларидан бири ҳисобланган «Ўзбектелеком» акциялари қийматининг иккинчи чоракда 150 фоизга ошгани билан изоҳланади. Шунингдек, ҳисобот даврида жамғарманинг соф активлар қиймати (NAV) 9,2 фоизга кўпайган.