Фарғона вилоятида 800 ўринли шифохона қурилади
Фарғона вилоятида 800 ўринли шифохона қурилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация иштирокида “Fergana Hospital” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, Саудия Арабистонининг “Vision International Investment Company” компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартларга мувофиқ лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш ҳамда узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш бўйича муҳим келишувга эришилган.
Лойиҳанинг умумий инвестициявий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларини, қурилиш муддати эса 36 ойни ташкил этади. Мазкур шифохона Марказий Осиёда ДХШ модели асосида амалга оширилаётган энг йирик соғлиқни сақлаш объектларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Янги тиббиёт мажмуаси Фарғона вилоятидаги бешта ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасини ягона комплексга бирлаштиради. Натижада вилоят ҳамда унга туташ ҳудудлар аҳолиси учун кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, органлар трансплантацияси, нефрология ва ортопедия йўналишларида учинчи даражали юқори технологик тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди.
Шунингдек, мажмуа таркибида 160 ўринли интенсив терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамда барча зарур ёрдамчи клиник хизматлар фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Тақдимотда ушбу лойиҳани амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.