Иқтисод

Ўзбекистонда аэронавигация соҳасидаги қоидалар янгиланди

Ўзбекистонда аэронавигация соҳасидаги қоидалар янгиланди
Ўзбекистонда аэронавигация соҳасидаги қоидалар янгиланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) стандартлари ва талаблари инобатга олинган ҳолда аэронавигация соҳасидаги авиация қоидалари янгиланди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги хабар берди.

«Ўзавиация» агентлиги Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга 11-илова — «Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш» талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш бўйича авиация қоидаларини тасдиқлади. Ҳужжат белгиланган тартибда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Бундан ташқари, «Ўзавиация» агентлиги директори Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг аэронавигация хариталари бўйича авиация қоидаларини ҳамда мамлакатда аэронавигация ахбороти хизматлари бўйича авиация қоидаларини норматив-техник ҳужжатлар сифатида тасдиқлади.

Ҳужжатларни ишлаб чиқиш ICAO стандартлари ва талабларини амалиётга тўлиқ жорий этиш, шунингдек, миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мунтазам таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.