Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) стандартлари ва талаблари инобатга олинган ҳолда аэронавигация соҳасидаги авиация қоидалари янгиланди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги хабар берди.
«Ўзавиация» агентлиги Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга 11-илова — «Ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш» талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш бўйича авиация қоидаларини тасдиқлади. Ҳужжат белгиланган тартибда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.
Бундан ташқари, «Ўзавиация» агентлиги директори Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг аэронавигация хариталари бўйича авиация қоидаларини ҳамда мамлакатда аэронавигация ахбороти хизматлари бўйича авиация қоидаларини норматив-техник ҳужжатлар сифатида тасдиқлади.
Ҳужжатларни ишлаб чиқиш ICAO стандартлари ва талабларини амалиётга тўлиқ жорий этиш, шунингдек, миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мунтазам таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни янада такомиллаштиришга қаратилган.